Энг муҳим воқеалардан бири — InfinBANK, Германиянинг Landesbank Baden-Württemberg банки ва Alyans Auto компанияси ўртасида Ўзбекистон Республикасида Volkswagen русумли автомобилларни ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама битимнинг имзоланиши бўлди.
Мазкур келишув VW Group Import Company Limited компаниясидан автомобилларни йирик узелли (SKD) йиғиш учун бутловчи қисмлар етказиб беришни ташкил этиш, сўнгра мамлакат ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича ҳамкорлик механизмларини белгилаб беради. Лойиҳанинг молиявий тузилмаси савдони молиялаштириш воситаларидан фойдаланишни, жумладан, етказиб бериш жадвалига мувофиқ InfinBANK томонидан алоҳида траншлар билан захира аккредитивлари (SBLC) чиқарилишини кўзда тутади. LBBW банки халқаро банк амалиёти стандартларига мувофиқ чиқариладиган ушбу инструментлар бўйича тасдиқловчи банклардан бири сифатида иштирок этади.
Форумнинг яна бир муҳим натижаси InfinBANK ва Oppenheimer Europe Ltd инвестиция банки ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши бўлди. Ҳужжат томонларнинг узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро молия бозорларида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ниятини мустаҳкамлайди.
Ҳамкорлик кенг кўламли йўналишларни, жумладан, акциядорлик ва қарз капитали бозорлари, қимматли қоғозларни тузиш ва жойлаштириш, андеррайтинг, корпоратив молиялаштириш, шунингдек, халқаро кредит рейтингларини олиш ва ошириш бўйича маслаҳат хизматларини қамраб олади. Бундан ташқари, томонлар кастодиал хизматлар, клиринг инфратузилмаси ва активларга хизмат кўрсатиш бўйича замонавий ечимларни ривожлантириш имкониятларини ўрганишни режалаштирмоқда.
Халқаро молиялаштиришни кенгайтириш доирасида InFinBank, шунингдек, Small Enterprise Assistance Funds халқаро бошқарув компанияси билан беш йил муддатга 5 миллион АҚШ доллари миқдорида исломий молиялаштириш линиясини жалб қилиш бўйича шартнома имзолади.
Молиялаштириш Ўзбекистон иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Murabaha Agreement тузилмаси орқали шариат тамойилларига мувофиқ амалга оширилади. Жалб этилган маблағлар бутун мамлакат бўйлаб кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг муқобил молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудларда барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланган келишувлар InfinBANK нинг халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда илғор молиявий ечимларни жорий қилишга бўлган интилишини тасдиқлайди. Мазкур ташаббусларнинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга йирик саноат лойиҳаларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ