Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш, бизнес харажатларини камайтириш ва мамлакатда ягона тўлов инфратузилмасини яратиш мақсадида миллий QR-код тизими — UzQR ишга туширилди, деб хабар қилди Марказий банк.
Эслатиб ўтамиз, 1 январдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи барча юридик шахслар учун электрон тўловларни қабул қилишда ягона QR-код жорий этилган эди. 1 июлдан бошлаб эса ягона QR-коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.
UzQR тизимининг асосий хусусияти шундаки, истеъмолчилар харид учун тўловни исталган банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси орқали ягона QR-кодни сканер қилиш орқали амалга ошира олади.
«Бу савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарини бир нечта турли QR-кодлар ва тўлов ечимларини қўллаб-қувватлаш заруратидан халос қилади», — дейилади регулятор маълумотида.
Тизим орқали тўловлар учун умумий комиссия 0,65 фоизни ташкил этади. У қуйидаги тартибда иштирокчилар ўртасида тақсимланади:
• 0,1% — савдо нуқтасига QR-код ўрнатган эквайер банкка; • 0,15% — миллий карталар орқали тўлов қилинганда Uzcard ёки Humo тўлов тизимига (Uzcard ушбу улушнинг 0,075% қисмини карта чиқарган банкка қайтаради, Humo эса 0,05% ни); • 0,2% — QR-код операторига (тизимнинг узлуксиз ишлаши, ягона колл-марказ, мижозлар кабинети ва онлайн ККМ интеграцияси учун); • 0,05% — карта эмитенти бўлган банкка; • 0,15% — тўлов ташаббускорига, яъни QR-код сканер қилинган мобил иловага; • 0,05% — тўловни амалга ошираётган мижоз банкига.
Тариф моделининг ўзига хос жиҳати шундаки, бир иштирокчи бир вақтнинг ўзида комиссиянинг бир нечта улушини олиши мумкин. Масалан, агар тўлов карта эмитенти бўлган банкнинг мобил иловаси орқали амалга оширилса, банк жами 0,20% олади. Агар савдо нуқтаси ҳам шу банк томонидан хизмат кўрсатилса, унинг улуши 0,30% гача етиши мумкин.
Агар тўлов банк картаси орқали эмас, балки банк ҳисоби ёки электрон ҳамён орқали амалга оширилса, электрон тўлов воситаси эгаси умумий ҳисобда 0,15% улуш олади.
Uzcard ва Humo’нинг бошқа (миллий бўлмаган) QR-кодлар бўйича тарифлари 0,3–0,37% гача етади. Ягона QR-код тизимининг давлат миқёсидаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда, ушбу кўрсаткич 0,10% гача пасайтирилган.
Қайд этилишича, UzQR бўйича 0,65%лик тарифни баҳолашда уни амалдаги бозор шароитлари билан солиштириш лозим. Ҳозирги вақтда савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари учун QR-код орқали тўлов қабул қилиш қиймати одатда 1–3% ни ташкил қилади.
Шу билан бирга, тизимнинг расмий тарифлари истеъмолчилардан комиссия ундиришни назарда тутмайди. 0,65% комиссиянинг барчаси савдо нуқтаси томонидан тўланади ва тўлов инфратузилмаси иштирокчилари ўртасида тақсимланади.
Айрим ҳолларда истеъмолчилардан қўшимча йиғимлар ундирилаётгани кузатилмоқда. Марказий банк таъкидлашича, бундай йиғимлар UzQR’нинг расмий тарифларига кирмайди ва айрим иштирокчилар томонидан мустақил равишда белгиланади.
«0,65%лик умумий комиссия бозордаги стандарт эквайринг тарифларидан (1–3%) анча паст. Ҳар бир иштирокчига тўланадиган ҳақ унинг тизимдаги ҳақиқий роли ва харажатларига мос келади. UzQR шаффофлик тамойиллари асосида ишлайди ва бизнес ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган», — дея изоҳ берди Марказий банк.
Изоҳ