• 12 035 сўм
    21.82
  • 13 915 сўм
    84.09
  • 168 сўм
    4.08
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 035 сўм
    21.82
  • 13 915 сўм
    84.09
  • 168 сўм
    4.08
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 16:16

Қонунларда еттита атамани ўзбекча муқобиллари билан алмаштириш таклиф қилинмоқда

Депутат Нариман Умаров «светофор» ва «пароль» каби атамаларни алмаштириш заруратига шубҳа билдирди. Мутахассислар эса бу тилнинг софлиги ва ўзига хослигини сақлашга хизмат қилишини таъкидламоқда.

142
0
Сенат

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги еттита хорижий келиб чиқишга эга атамани ўзбекча муқобиллари билан алмаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Ҳужжатга кўра, қуйидаги атамаларни алмаштириш таклиф этилмоқда:

  • «аванс» — «бўнак»;
  • «маркировка» — «тамғалаш»;
  • «маршрут» — «йўналиш»;
  • «светофор» — «йўлчироқ»;
  • «коворкинг» — «иш маркази»;
  • «пароль» — «ўрон»;
  • «прогрессивный» — «илғор».

Муҳокама давомида «Адолат» социал-демократик партияси депутати Нариман Умаров «светофор» ва «пароль» каби сўзларни алмаштиришга эҳтиёж қаердан келиб чиққанини сўради.

Унинг таъкидлашича, аввал ҳам айрим атамаларни ўзгартиришга уринишлар бўлган ва бу ҳар доим ҳам ўзини оқламаган. Депутат «йўлчироқ» сўзи аслида кўча ёритгичини англатишини, светофор эса ҳаракатни тартибга солувчи мутлақо бошқа қурилма эканини қайд этди.

Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Nizomiddin Mahmudov эса таклиф этилаётган атамалар шунчаки ўзгартириш учун эмаслигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, асосий мақсад тилнинг софлиги ва ўзига хослигини сақлаш, шунингдек, уни тил қонуниятлари асосида ривожлантиришдан иборат. Таклифлар ишчи гуруҳ, соҳавий мутахассислар ва кенг жамоатчилик фикрлари асосида шакллантирилган.

Маҳмудов «йўлчироқ» атамаси бадиий адабиёт ва бошқа матнларда аллақачон учрашини, бу сўзни эшитган одамлар оддий кўча чироғини эмас, айнан ҳаракатни тартибга солувчи қурилмани тушунишини таъкидлади.

Шунингдек, у «бўнак», «илғор», «ўрон» каби сўзлар ҳам ёзма манбаларда қўлланилганини, хусусан, «бўнак» атамаси 1920–1930 йиллар ҳаёти тасвирланган бадиий асарларда кенг ишлатилганини қайд этди.

Мутахассисларга кўра, тилни тозалаш, бойитиш ва миллий тил ресурсларидан фойдаланиш ўзбек тилининг янада ривожланишига хизмат қилади.

Таъкидланишича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши қонунчиликдаги тушунча ва юридик атамаларни қўллашдаги турлича ёндашувларни бартараф этиш ҳамда уларни унификация қилишга ёрдам беради.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

142
0

Изоҳ