Фармацевтика корхонаси Nika Pharm умумқабул қилинган ахлоқ ва маънавият меъёрларига зид реклама тарқатгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, корхона Rinoksil Formula+ препарати рекламасида Amir Temur, George Washington, Avicenna, Julius Caesar, Alisher Navoiy ва Napoleon Bonaparte каби машҳур тарихий шахслар образидан фойдаланган. Роликда мазкур шахслар ушбу дори воситасидан фойдалангани ҳақида таассурот уйғотилган.
Қўмитага кўра, тарихда катта мерос қолдирган буюк шахслар хотираси халқ томонидан чуқур эҳтиром қилинади. Уларнинг образини дори воситасини тарғиб қилишда қўллаш машҳур тарихий арбобларга, жумладан буюк аждодларга нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳоланган ҳамда ахлоқ ва маънавий қадриятларга зид деб топилган.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, умумэътироф этилган ахлоқ ва одоб меъёрларига зид бўлган шакллар, ифодалар ва образлардан рекламада фойдаланиш тақиқланади.
Ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан MChJ Nika Pharmга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, компанияга жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, корхонага аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилган.
Изоҳ