Президент томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қонунга мувофиқ, қуйидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар энди ички ишлар органлари ҳузуридаги қўриқлаш хизмати бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан кўриб чиқилади:
— жамоат жойларида тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш;
— чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ва тўплаш;
— вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш;
— маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш ва бошқалар.
Шунингдек, ИИВ ҳузуридаги қўриқлаш хизмати мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳам ишларни кўриб чиқади:
— майда ўғрилик;
— майда безорилик;
— диний материалларни ноқонуний тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
— қуролдан фойдаланиш тартибини бузиш;
— совуқ қурол олиб юриш;
— вояга етмаганларни маъмурий ҳуқуқбузарликка жалб қилиш ва бошқалар.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун лойиҳаси жорий йил апрель ойида UzNews.uz томонидан хабар қилинганидек, Сенат томонидан маъқулланган эди.
Сенаторлар фикрига кўра, ушбу қонун жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, шунингдек, «Инсон қадри — энг олий қадрият» тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Изоҳ