Андижон вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Андижон шаҳрида сифати кафолатланмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди.
Маълум бўлишича, Андижон шаҳридаги бир манзилда 4 та юридик шахс фаолияти ташкил этилган бўлиб, улар "озиқ-овқат маҳсулотлари учун кимёвий қўшимчалар" ишлаб чиқариш ниқоби остида ноқонуний равишда сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчаларни тайёрлаб келган.
Мазкур яширин лабораторияда "Vitamix", "Gegsi", "Ferrumfer", "Winds Baby", "Lyuvit", "Yodovit", "Gepporooz", "Bifidolin", "Yodoplyus"с" каби 100 турдаги маҳсулотлар тайёрлангани маълум бўлди.
Улар орасида болалар учун мўлжалланган сироплар, оғриқ қолдирувчи воситалар, бўғим ва тери касалликлари ҳамда қон кўпайтириш учун препаратлар, турли шамчалар ҳамда махсус чойлар ҳам бўлган.
Тезкор тадбир давомида ашёвий далил сифатида олинди:
- 13 дона дори ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ускуналари;
- 6 дона муҳр;
- маҳсулотларга яроқлилик муддатини қадоқловчи қурилмалар;
- 214 минг дона ёзувсиз бўш шиша идишлар;
- 78 минг дона бўш капсулалар;
- 100 турдаги 503 минг 209 дона сифати кафолатланмаган тайёр дори воситалари;
- 105 килограмм номсиз кукунлар.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 5 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ