ИИВ ЙҲХБ матбуот хизмати хабарига кўра, ЙТҲ 5 май куни соат 09:05 атрофида Навоий вилояти Нурота тумани "Янгиҳаёт" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятга эга 85В-043 автомобиль йўлида содир бўлган.
Matiz русумли автомашинада боғча тарбияланувчиларини олиб кетаётган 34 ёшли Г.К. эҳтиётсизлик оқибатида бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетган ва машина ағдарилиб кетган.
Қайд этилишича, аёлда рухсат берувчи ҳужжатлар ҳам, транспорт воситаларини бошқариш тажрибаси ҳам бўлмаган.
ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи шифохонада вафот этган. Автомобилда бўлган 14 нафар бола турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг қўшимча қилишича, автомобилдаги 14 нафар вояга етмаган болалар орасида ҳайдовчининг уч ойлик фарзанди ҳам бўлган.
Текширув давомида маълум бўлишича, марҳума хусусий оилавий боғча раҳбари бўлган. Шунингдек, тарбияланувчиларнинг ота-оналари эътиборсизлик кўрсатиб, уларни қоидабузарлик билан ташишга йўл қўйгани қайд этилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Нурота тумани ИИО ФМБ Тергов гуруҳи томонидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ