Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташқи ахборот воситаларини тизимли тартибга солиш, ташқи ёзувларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш, шунингдек, уларни жойлаштириш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини тайёрлади.
Ушбу ҳужжат билан амалиётда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ва қонунчиликдаги бўшлиқ бўлган бир қатор жараёнлар ва тушунчаларга аниқликлар киритилмоқда.
Хусусан, "ташқи ахборот воситаси," "ташқи ёзув," "ахборот кўрсаткичи," "лавҳа," "эълон," "ахборот стенди" каби тушунчаларга аниқ таъриф берилмоқда.
Бунда "ташқи ахборот воситалари" ва "ташқи ёзувлар" ташқи муҳитга йўналтирилган ва тижорат мақсадларини кўзламайдиган, яъни реклама ҳисобланмайдиган воситалар сифатида қаралади.
Бундай объектларда реклама ёки тижорат тусидаги ахборот ёки тасвирларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, пешлавҳалар савдо, умумий овқатланиш ёки маиший хизмат кўрсатиш объектининг фаолият тури (ташкилот номи, ихтисослиги) тўғрисидаги маълумот эканлиги белгиланди.
Масалан, дорихона, сартарошхона, АЁҚШ, миллий таомлар, супермаркет, шифохона, озиқ-овқат дўкони, қурилиш ва хўжалик моллари дўкони.
Бундай пешлавҳалар ташқи реклама объекти ҳисобланмайди ва улар учун реклама жойи паспортини олиш талаб этилмайди.
Яъни, тадбиркор томонидан ўзи эгаллаб турган бинога кираверишда ўзи ва ўзининг фаолият тури (ихтисослашуви) тўғрисида жойлаштирилган маълумот, шунингдек, ушбу тадбиркорнинг маҳсулоти тўғрисида ушбу бинонинг витринасига жойлаштирилган маълумот реклама ҳисобланмайди. Бунинг учун рухсат берувчи ҳужжатларни олиш ва тўловларни амалга ошириш талаб этилмайди.
Бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга нисбатан қизиқишни шакллантириш ёки сақлаб туриш, шунингдек, уни бозорда илгари суриш учун мўлжалланган махсус ахборот реклама ҳисобланади.
Қайд этилишича, хусусий мулк бўлган биноларда ташқи реклама конструкцияларини жойлаштириш ҳуқуқини берувчи реклама жойининг паспортини расмийлаштириш бевосита маҳаллий ҳокимликлар, Тошкент шаҳрида эса ҳокимлик ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан амалга оширилади.
Қўмита реклама мазмуни (контент) нинг реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги устидан давлат назоратини амалга оширади.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳада кўзда тутилган янги тартиблар давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланиб, уларнинг долзарблиги ҳам таъкидланди.
Лойиҳа муҳокамаси 10 майга қадар давом этади. Вазирлик келиб тушган ҳар бир таклиф ўрганиб чиқилишини таъкидлади.
Изоҳ