Ҳисоботда қайд этилишича, ўтган йили ўртача ойлик иш ҳақи 19 фоизга, аҳоли жон бошига умумий даромадлар эса 16,6 фоизга ўсган. Бу эса аҳолининг харид қобилиятига ижобий таъсир кўрсатган.
Шунингдек, республика бўйлаб барча ҳудудларда уй-жойнинг 1 кв.м ўртача нархи ва ўртача иш ҳақи ўртасидаги нисбат пасайгани таъкидланган. Бу уй-жойнинг аҳоли учун янада оммабоп бўлаётганини англатади.
2025 йилда Тошкент шаҳрида уй-жойнинг 1 кв.м ўртача нархи 14,9 млн сўмни, ўртача иш ҳақи эса 10,7 млн сўмни ташкил этган. Натижада, мазкур нисбат 2024 йилдаги 1,77 кўрсаткичдан 1,38 гача тушган.
Бу эса ўртача маош уй-жойнинг 1 кв.м қийматининг 72 фоизини қоплаётганини англатади. 2024 йилда ушбу кўрсаткич 58 фоиз бўлган, яъни уй-жой оммабоплиги 14 фоизга ошган.
Мутахассислар фикрича, яқин истиқболда аҳоли даромадларининг ўсиш суръати уй-жой нархлари ўсишидан юқори бўлиши кутилмоқда. Бу эса келгусида кўчмас мулкка бўлган барқарор юқори талаб сақланиб қолишига хизмат қилади.
Изоҳ