Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қимматбаҳо металллар ва қимматбаҳо тошларни ноқонуний равишда сотиб олиш ёки сотиш учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.
Киритилган ўзгартишларга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасига асосан, қимматбаҳо металллар ва (ёки) қимматбаҳо тошларни ноқонуний сотиб олиш ёки сотиш уларни мусодара қилишга, шунингдек 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга олиб келади. Маъмурий қамоқ қўлланилмайдиган шахслар учун эса 10 дан 20 БҲМгача жарима белгиланади.
Агар мазкур ҳуқуқбузарлик учун аввал маъмурий жазо қўлланган бўлса ва шу каби ҳаракат қайта содир этилса, бу ҳолат жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундай жиноят учун 75 дан 100 БҲМгача жарима, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Шунингдек, Жиноят кодексида қимматбаҳо металллар ва тошлар тушунчасига аниқ таъриф берилди.
Қимматбаҳо металлларга олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳига кирувчи металлар — палладий, иридий, родий, рутений ҳамда осмий киритилади. Улар ҳар қандай кўриниш ва ҳолатда, жумладан қуйма, аффинаж қилинган шаклда, шунингдек хом ашё, қотишма, ярим тайёр маҳсулот, саноат буюмлари, кимёвий бирикмалар ва чиқиндилар таркибида ҳам бўлиши мумкин. Бундан заргарлик буюмлари ва маиший маҳсулотлар ҳамда уларнинг ломлари мустасно.
Қимматбаҳо тошларга эса табиий олмос, ёқут, зумрад, сапфир, александрит ҳамда табиий марварид киради. Улар ҳам хом (табиий) ва ишлов берилган ҳолда бўлиши мумкин. Заргарлик буюмлари ва маиший маҳсулотлар ҳамда уларнинг ломлари бу тоифага киритилмайди.
Изоҳ