Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида икки вилоятда туманлар чегарасини ўзгартиришга оид қарор лойиҳалари кўриб чиқилди.
Жумладан, Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон тумани ҳудудидан 4 740 гектар ерни Қизириқ тумани таркибига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бу ўзгаришлар 4 230 нафар аҳоли (731 та оила) турмуш шароитини яхшилаш, туманлар бошқаруви самарадорлигини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигини, айниқса чорвачиликни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, аҳоли бандлигини ошириш ва Қизириқ туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш мақсад қилинган.
Лойиҳа доирасида хариталар ва чегаралар тавсифи маъқулланди.
Шу билан бирга, Навоий вилоятидаги Томди тумани ҳудудидан 2 459 гектар ерни Зарафшон шаҳри таркибига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Зарафшон шаҳрини ривожлантириш доирасида истиқболли қурилиш режаси амалга оширилади. Унга кўра, 250 дан ортиқ саноат лойиҳалари, 90 та ижтимоий объект ҳамда 500 дан зиёд савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилиши кўзда тутилган.
Изоҳ