ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан давлат чегарасини қўриқлаш ва унинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида ноқонуний ҳолат фош этилди.
Маълум бўлишича, Сирдарё дарёсининг Фарғона вилояти Бешариқ тумани Шодиқозиқ МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисми қирғоғида номаълум шахслар томонидан 4 дона полиэтилен қоплар қолдириб кетилган.
Қоплар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, улар ичида қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилган жами 48 дона ўрамда 47 кг 113 гр “гашиш”, 15 дона ўрамда 7 кг 779 гр “опий” гиёҳвандлик воситалари, шунингдек, 10 710 дона “Лидаза” ва 756 дона “Теноксикам” дори воситалари борлиги аниқланди.
Мазкур ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилди.
Айни вақтда тергов ҳаракатлари доирасида наркотик моддалар эгаларининг шахсини аниқлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Изоҳ