2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 июлга қадар амал қиладиган ушбу тизим «импорт – бонд омбор – махсус электрон савдо платформаси – истеъмолчи» занжири асосида ишлайди.
Янги тартибга кўра, товарлар аввал бонд омборга жойлаштирилади, кейин махсус онлайн платформа орқали сотилади. Божхона расмийлаштируви ва тўловлар товар олиб кирилганда эмас, балки сотилган пайтда амалга оширилади. Бундай омборлар ва платформалар тегишли реестрга киритилиб, Божхона қўмитаси томонидан ҳисобга олинади.
Қайд этилишича, бонд омборлари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишини осонлаштиради, айланма маблағларга босимни камайтиради, логистика харажатларини қисқартиради ва экспорт рақобатбардошлигини оширади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб айрим товарлар учун алоҳида божхона тўлов тартиби жорий этилади:
- Смартфон, ноутбук, планшет, колонка, миксер, шарбат сиқгич, фен, электр чайнак, мультиварка, утюг каби 5 тоифадаги товарлар учун — 5% миқдорида ягона бож тўлови;
- Кийим-кечак, пойабзал, соат, хотира қурилмалари, зарядлагичлар, фонарлар, қулоқчинлар, монитор ва проекторлар, ўйин приставкалари каби 30 тоифадаги товарлар учун — ҚҚС ва 3% божхона божи ундирилади.
Агар товар сотилиш вақтидаги нархи унинг декларация пайтидаги божхона қийматидан паст бўлса, тўловлар божхона қиймати асосида ҳисобланади.
Бонд омбор орқали харидларда бепул олиб кириш лимитлари қўлланилмайди — тўлов товарнинг тўлиқ қийматидан ҳисобланади.
Бошқа товарлар учун эса амалдаги тартиб сақланади: жисмоний шахслар номи орқали халқаро курьер жўнатмаларида ойига 200 долларгача божсиз олиб кириш мумкин.
Шунингдек, ушбу омборларда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг глобал брендлар базасида рўйхатдан ўтган хорижий брендлар товарларини жойлаштириш ва сотиш тақиқланади.
Қарорга кўра, Божхона қўмитаси ва Солиқ қўмитаси бонд омборлари операторлари билан биргаликда товар айланмасини доимий мониторинг қилиб, уларнинг тижорат мақсадида қайта сотилиши ҳолатларини назорат қилади.
Изоҳ