Давлат раҳбари ёш гроссмейстеримизни Ўзбекистон шахмат тарихида биринчи марта мазкур нуфузли мусобақада зафар қозониб, том маънодаги тарихий ғалабага эришгани билан самимий табриклади.
Суҳбатда Жавоҳир Синдоров ушбу турнирда илгари ҳеч ким ета олмаган юксак маррани забт этгани, 13 та ўйинда 6 маротаба ғалаба қозонгани спорт оламида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса экани алоҳида таъкидланди.
Давлат раҳбари ёш гроссмейстер дунёнинг энг донгдор шахматчиларига қарши ҳар бир баҳсда катта жасорат ва маҳорат билан дона суриб, кучли ирода, юксак интеллектуал салоҳият ва қатъият фазилатларини намоён этганини қайд этди.
Президент энди Жавоҳир Синдоров олдида жаҳон тожи учун ҳал қилувчи ва шарафли беллашув турганини қайд этиб, бўлажак ўйинларда унга янада улкан омад, куч-ғайрат ва янги зафарлар тилади.
"Мени фақат хурсанд қилиб юрибсан. Бутун халқимиз дуода эди, мана шу дуоларинг ижобат бўлди. Юртимизнинг куч-қудратини, ёшлар нимага қодир эканини, учинчи Ренессанснинг пойдевори Ўзбекистонда бўлишини бутун дунёга тараннум этдинг. Ўзбекистон шахмат тарихида илк бор ФИДЕ номзодлари турнирида муддатдан аввал ғалаба қозонганинг, бу, биласанми, мусобақада бирор марта мағлубиятга учрамаганинг, бир қанча рекордларни янгилаганинг, 13 та ўйинда 6 та ишончли ғалаба қозонганинг, бу Хоразмий, Беруний боболаримизга муносиб иш қилганинг ва Амир Темур бобомизнинг мана шу юбилей кунларида бу ишни қилганинг жуда халқимизни хурсанд қилди. Энг юқори рейтингли гроссмейстерларни кучли ирода ва жасорат билан мағлуб этдинг. Сенга “мана мен” деган шахматчилар ҳам тан беряпти. Мана шу учинчи Ренессанс бунёдкорларининг шижоатини яққол кўрсатдинг ва дунёга намойиш этдинг. Яна бир марта, болам, табриклайман, ғурурланаман. Қаҳрамонимизсан, шуни билгин", - дейди президент.
Суҳбатда жорий йил Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Жавоҳир Синдоровнинг иштироки, шубҳасиз, жамоамизга катта руҳ ва ишонч бағишлаши қайд этилди.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари Жавоҳир Синдоровнинг ота-онаси, яқинлари, устоз ва мураббийларини ҳам ушбу тарихий ғалаба билан чин юракдан табриклади.
Жавоҳир Синдоров юксак эътибор, самимий қутлов ва билдирилган ишонч учун Президентга чуқур миннатдорлик билдирди.
Изоҳ