Давлат раҳбари ўз мурожаатида маданият ва санъат аҳлининг жамият маънавий ҳаётини ривожлантиришдаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, барча санъат ихлосмандларини байрам билан самимий қутлади.
«Сизларни ва сизлар орқали санъатни қадрлайдиган бутун халқимизни Маданият ва санъат ходимлари куни билан чин дилдан табриклайман», — деди президент.
Мурожаатда сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маданият муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани, кадрлар салоҳияти оширилаётгани ва хизматлар сифати яхшиланаётгани қайд этилди.
Сўнгги йилларда мамлакатда янги театрлар, музейлар, маданият марказлари ва санъат мактаблари барпо этилди. Шунингдек, 100 дан ортиқ тарихий-маданий объектларда реставрация ишлари амалга оширилди.
Президент маданий дипломатия соҳасидаги ютуқларга ҳам тўхталиб, 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси сессияси ҳамда Бухорода илк халқаро замонавий санъат биенналеси юқори даражада ташкил этилганини таъкидлади. Бу тадбирлар Ўзбекистоннинг жаҳон маданий майдонидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, хорижда ўзбек санъаткорларининг муваффақиятлари алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Зальцбург шаҳрида «Лазги. Руҳ ва муҳаббат рақси» балети ҳамда Вена шаҳрида опера асари намойиши катта қизиқиш уйғотгани айтилди.
Мурожаатда соҳада меҳнат қилаётган ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам тилга олинди. Хусусан, ўтган йилда маданият ходимлари ойлик маошлари ўртача 35 фоизга оширилгани, уй-жойлар тақдим этилгани ва янги мукофотлар жорий этилгани билдирилди.
Келгусидаги режалар ҳақида сўз юритар экан, давлат раҳбари креатив индустрияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади. Жумладан, Креатив индустрия паркини ташкил этиш ва 2030 йилга бориб мазкур соҳанинг ЯИМдаги улушини 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.
«Айнан шу мақсадларга хизмат қиладиган янги Креатив индустрия парки барпо этилмоқда», — деди президент.
Мурожаат якунида Мирзиёев миллий маданиятни янада юксалтиришга ишонч билдирди.
«Ишонаманки, сизларнинг билим, тажриба ва ижодий салоҳиятингиз билан миллий маданиятимизни янги босқичга олиб чиқамиз», — дея таъкидлади у.
Президент барча маданият ва санъат ходимларига мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва янги ижодий ютуқлар тилади.
Изоҳ