Наманган вилоятида Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг "Дўстлик-7" ҳарбий машғулотлари бошланди, деб хабар бермоқда Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати.
Бу йилги машғулотлар "Ғурумсарой" полигонида ўтказилмоқда ва 25 апрелга қадар давом этади. Улар ҳар йили навбатма-навбат Ҳиндистон ва Ўзбекистонда ўтказилади. Аввалгилари ўтган йилнинг апрель ойида Аундха (Пуна, Ҳиндистон) шаҳридаги Foreign Training Node ўқув марказида бўлиб ўтган эди.
Бу йилги машғулотларда Ҳиндистон томонидан 60 га яқин ҳарбий хизматчи, жумладан, "Маҳар" полки пиёдалар батальонининг 45 нафар жангчиси ва Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларининг 15 нафар вакили иштирок этмоқда. Ўзбекистон томонидан қуруқликдаги қўшинлар ва ҳаво кучларидан тахминан шунча ҳарбий хизматчи жалб қилинган.
Машғулотлардан кўзланган мақсад ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш ва ярим тоғли ҳудудларда қўшма операциялар ўтказиш имкониятларини оширишдан иборат. Жисмоний тайёргарлик, ҳамкорликда режалаштириш, тактик ҳаракатлар ва махсус қуроллардан фойдаланишнинг асосий кўникмаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, қўшма операцияларни режалаштириш ва ўтказишда ҳар икки томоннинг қўмондонлик ва бошқарув тузилмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг ягона алгоритмини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Асосий элементлар орасида жойда мўлжал олиш, шартли душман базаларига зарба бериш ва унинг назорати остидаги ҳудудларни эгаллаш кабилар мавжуд. Ҳиндистон томони Ўзбекистон Қуролли Кучларининг процедуралари ва тактик усуллари билан танишади, шунингдек, ўз тажрибаси билан ўртоқлашади.
Якуний босқич қўшма операциялар доирасида тактик ҳаракатларни, жумладан, ноқонуний қуролли тузилмаларни зарарсизлантириш бўйича махсус операцияларни тайёрлаш ва ўтказишга қаратилган 48 соатлик якуний машғулотлар бўлади.
"Дўстлик" машғулотлари томонларга қўшма операцияларни олиб боришнинг энг яхши амалиётлари билан алмашиш имконини беради, шунингдек, контингентлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, тезкор келишув ва қўмондонликни мувофиқлаштиришни мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, улар икки давлат ҳарбий хизматчилари ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстликни мустаҳкамлашга, шунингдек, икки томонлама мудофаа ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади," - дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ