Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига хос бўлган, ўзбек пазандачилик санъатининг дурдоналаридан бири ҳисобланган Тошкент тўй палови географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олинган. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу мақом "Тошкент тўй палови" номи ва уни тайёрлашнинг анъанавий технологиясини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлайди, шунингдек, маҳсулотнинг давлат сифат стандартларига мувофиқлигини кафолатлайди.
Тарихий ва этнографик манбаларга кўра, Тошкент воҳасида палов тайёрлаш маданияти асрлар давомида шаклланган. Тўй оши оддий таом эмас, балки кимё, физика ва биология қонунларини ўзида мужассам этган мураккаб жараёндир. Анъанага кўра, у эрта тонгда ярим шар шаклидаги қалин деворли чўян қозонларда тайёрланади.
Қайд этилишича, Тошкент тўй палови аждодлар мероси, миллий қадриятлар ва халқ руҳининг ёрқин ифодасидир. Бугунги кунда у гастрономик туризмни ривожлантириш ва миллий брендни халқаро миқёсда тарғиб қилишда муҳим роль ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, географик кўрсаткич - бу маҳсулотнинг маълум бир ҳудудга тегишлилигини ва унинг айнан шу ҳудуд билан боғлиқ алоҳида хусусиятларини тасдиқловчи интеллектуал мулк объектидир.
Изоҳ