Сенатнинг сешанба куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида "Қўриқлаш фаолияти самарадорлиги оширилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун маъқулланди.
Ҳужжат жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ва ташкилотларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш ҳамда қўриқлаш соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги, "Қўриқлаш фаолияти тўғрисида"ги, "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жумладан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, ноқонуний ов қилиш, дарахтларни кесиш ва бошқа экологик ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимларига ўтказилмоқда.
Шунингдек, техник қўриқлаш воситаларини лойиҳалаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш учун рухсатномалар бериш ваколатларини Ички ишлар вазирлигига ўтказиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун хабардор қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар мазкур қонун жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, "Инсон қадри - олий қадрият" тамойилини амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилишини таъкидлашди.
Изоҳ