• БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият 7 апрел 11:30

Шаҳарсозлик сабаб уйи бузилганларга компенсация тўрт хил шаклда берилади — сенат қонунни маъқуллади

Ҳужжатда компенсациянинг бир нечта шакллари белгиланган бўлиб, улар орасида уй-жой билан таъминлаш ва пул маблағлари ажратиш, шунингдек етказилган ноқулайликлар учун бир марталик тўловлар ҳам кўзда тутилган.

297
0
Cенат

14-ялпи мажлисда сенаторлар «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонунни муҳокама қилиб, маъқулладилар.

Қонуннинг асосий мақсади — аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, сейсмик жиҳатдан хавфли ва жисмонан эскирган биноларни босқичма-босқич янгилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ҳамда замонавий талаблар асосида шаҳар муҳитини шакллантиришдан иборат.

Таъкидланишича, шаҳарсозлик реновацияси жараёнлари очиқ ва шаффоф бўлиши, реновация дастури эса жамоатчилик учун очиқ бўлган «Шаҳарсозлик реновацияси» электрон платформасида жойлаштирилиши, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва ваколатли органларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.

Шу билан бирга, компенсациянинг тўрт хил шакли назарда тутилган. Жумладан, компенсация реновация ҳудудида янги ёки бошқа турар жой ёки нотурар объектга мулк ҳуқуқини бериш, пул шаклида тўлаш ёки келишувда кўрсатилган бошқа шаклларда амалга оширилади. Компенсация шакли мулкдор ва шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш бошқармаси ўртасидаги келишув асосида ихтиёрий равишда танланади.

Шунингдек, мулкдорларга етказилган ноқулайликлар учун компенсация суммасининг 12 фоизи миқдорида бир марталик пул маблағи тўланиши белгиланган.

«Энг муҳими — шаҳарсозлик реновациясининг асосий тамойилларидан бири сифатида тенглик устуворлиги ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш белгиланмоқда. Шунингдек, кўчириш ёки вақтинча ижарага жойлаштириш зарур бўлган ҳолларда фуқаролар тайёрланган ҳудудларга кўчирилади, ногиронлиги бўлган шахслар эса қулай шарт-шароитларга эга уй-жой билан таъминланади», — деб таъкидладилар сенаторлар.

Қонун мулкдорлар ҳуқуқларининг устуворлигини мустаҳкамлайди ҳамда давлат органлари билан муносабатларда юзага келадиган барча зиддият ва ноаниқликлар мулкдор фойдасига талқин этилишини кафолатлайди.

Сенат аъзолари таъкидлашича, ушбу қонун эскирган уй-жой фондини янгилаш ва аҳоли учун замонавий инфратузилма яратишга қаратилган бўлиб, шаҳарларни барқарор ва режали ривожлантиришга хизмат қилади.

297
0

Изоҳ