Платформа Тошкент, Самарқанд, Олмаота ва Бишкек шаҳарларини бирлаштириб, аёлларнинг мунтазам жисмоний фаолликка кириб келишига тўсқинлик қилаётган тўсиқларни камайтиришни мақсад қилган.
SHE.TRI старт, ҳамжамият, қўллаб-қувватлаш ва қулай кириш муҳитини бирлаштиради. Бу ерда асосий эътибор натижага эмас, балки бошлаш имкониятига, ўзига ишонч ҳосил қилиш ва мунтазам фаолликни шакллантиришга қаратилган.
Лойиҳа асосчилари:
• Елена Кун — Ўзбекистон триатлон федерациясининг бош котиби, Women Tri Club лойиҳасининг асосчиси
• Салтанат Казибаева — Тригада ҳамжамияти ҳаммуассиси
• Аяна Аманбаева — Тригада ҳамжамияти ҳаммуассиси, The Sport PR директори
• Айгерим Раимкулова — Тригада ҳамжамияти ҳаммуассиси, спорт психологи
• Елена Лижина-Полченкова — Қирғизистон триатлон федерациясининг бош котиби, Asia Triathlon ижроия кенгашининг аъзоси
«Сўнгги 25 йил ичида спорт индустрияси сезиларли даражада ривожланди, стартлар сони ошди, аммо аёллар улуши бу ўсишга етиб бора олмади. Осиё минтақасида оммавий спорт тадбирларида иштирок этувчилар ўртача 70% эркаклар ва атиги 30% аёллардан иборат. Бу эса аёлларни спортга жалб этиш учун янги формат ва ечимлар зарурлигини кўрсатади. Асосий тўсиқлар — биринчи қадам қўйишдан қўрқув, спорт ҳамжамиятларининг етишмаслиги, ижтимоий кутишлар ва роллар, ҳамда оилавий юклама туфайли вақт танқислигидир. Муаммо аёлларда қизиқиш йўқлигида эмас, балки бошлаш имкониятида», – дея таъкидлади Елена Кун.
Аёллар спортини ривожлантириш фақат иштирок масаласи эмас, балки тенг имконият ва тенг кириш масаласидир. Хавфсиз ва қўллаб-қувватловчи муҳит яратиш, аёлларда етакчилик сифатларини ривожлантириш ва спортни ижтимоий ўзгаришлар воситаси сифатида қўллаш муҳим.
«Бу шунчаки аёллар учун мусобақалар серияси эмас, балки аёлларга жисмоний фаолликка илк қадам қўйишда ёрдам берадиган, қўллаб-қувватлаш ва ўзига ишонч бағишлайдиган платформадир», – деди Салтанат Казибаева.
Қозоғистонда вазият аста-секин ўзгариб бормоқда: Almaty Marathon 2025 маълумотларига кўра, иштирокчиларнинг 44,4% ни аёллар ташкил этган (16 149 иштирокчидан 7 111 нафари). Бироқ триатлонда тафовут ҳануз катта — Ironman Kazakhstan 2023 мусобақасида қатнашчиларнинг тахминан 80% эркаклар ва 20% аёллар бўлган.
«Кўпинча биз фақат муваффақиятга эришган спортчи аёллар ҳикояларини кўрамиз, бу эса спортни мураккаб ва ҳамма учун эмас деган тасаввур уйғотиши мумкин», – дейди Аяна Аманбаева.
Шу сабабли SHE.TRI марказида қўллаб-қувватловчи муҳит ва қулай формат туради. Лойиҳа спортни «эркаклар» ва «аёллар»га ажратиш ғоясига асосланмаган. Унинг вазифаси аёлларга босимларсиз, ортиқча талаб ва тайёргарликсиз спортга кириш имконини яратишдир.
«Кўпинча асосий тўсиқ жисмоний тайёргарлик эмас, балки ички шубҳа ва бошлашдан қўрқувдир», – дея изоҳ берди Айгерим Раимкулова.
Аёл спорт билан шуғулланишни бошлаганда, бу оила ичидаги хулқ-атвор моделини, болаларнинг жисмоний фаолликка муносабатини ва жамиятдаги аёл роли ҳақидаги тасаввурларни ўзгартиради. Шу боис аёлларни спортга жалб этиш — бу тор доирадаги масала эмас, балки жамият ривожига қаратилган муҳим сармоядир.
Елена Лижина-Полченкова аёлларнинг ёпиқ иншоотлардаги стартларда улуши юқорироқ бўлишини уларнинг қулайлиги билан изоҳлади — яъни камроқ вақт ва ресурс талаб этилгани сабабли жараёнга кириш осонроқ.
SHE.TRI стартлари аллақачон бошланган. Биринчи босқич 8 март куни Бишкекда indoor форматида ўтказилди. Иштирокчилар 300 метр сузиш, 10 км велотренажёр ва 2 км югуриш масофаларини босиб ўтишди. Ушбу формат қисқа, тушунарли ва хавфсиз масофаларга талаб юқори эканини кўрсатди ҳамда триатлонда ўзини синаб кўриш учун қулай имконият яратди.
Кейинги босқичлар:
• Тошкент — 6-7 июнь
• Олмаота — 12 июль
SHE.TRI спортни нафақат жисмоний фаоллик, балки соғлиқни мустаҳкамлаш, ўзига ишончни ошириш ва жамиятда янги етакчиларни яратиш учун муҳим ижтимоий восита сифатида кўради.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ