Бугун, 29 март куни президент Шавкат Мирзиёевнинг валиаҳд шаҳзода, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Вазирлар кенгаши раиси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида томонлар Яқин Шарқдаги кескин вазият ва минтақада кескинлик кучайиб бораётганидан жиддий хавотирда экани таъкидланди.
Кескинликнинг янада кучайишига йўл қўймаслик ва вазиятни тўлиқ тартибга солиш минтақа мамлакатлари манфаатларига ҳам, глобал барқарорликни таъминлаш вазифаларига ҳам мос келиши таъкидланди.
Давлат раҳбари қардош Саудия Арабистони раҳбарияти ва халқи билан бирдамлигини билдириб, Подшоҳликнинг ҳозирги шароитдаги вазмин ва узоқни кўзлаган сиёсатини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Гуманитар ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шавкат Мирзиёев Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳдга Подшоҳлик ҳудудида умра амалларини адо этаётган Ўзбекистон фуқаролари учун кўрсатилган кўмак ва қулай шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдирди.
Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчисининг самимий хайрихоҳлиги ва қўллаб-қувватлашини юксак баҳолади.
Суҳбат якунида томонлар олий даражадаги алоқаларни фаоллаштириш, икки ва кўп томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.
Изоҳ