Маълумотларга кўра, ҳайдовчи BYD Han автомобилини ҳайдовчилик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз, тахминан 100 км/соат тезликда бошқарган. Шу вақтда ҳудудда хизмат олиб бораётган 4-батальон, 2-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори тўхташ ҳақида қонуний талаб қўйган. Аммо ҳайдовчи талабга бўйсунмасдан ҳаракатини давом эттириб, инспекторни уриб юборган.
Оқибатда инспектор оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. У саккиз кун реанимацияда ётган, 34 кундан кейин ўзига келган. ЙПХ ходими 6 ой даволаниб, бир йилдан кейин яна ишга қайтган.
Мазкур ҳолат бўйича иш Чилонзор туман судида кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, айбланувчи ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “б” банди ва 219-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди.
Унга нисбатан 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳисоб-китобларга кўра, унга узил-кесил 5 йил 2 ой 9 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилди ва у суд залининг ўзида қамоққа олинди.
Изоҳ