Президент Ёшлар ишлари агентлигига Гарвард, Стенфорд, Лондон иқтисодиёт мактаби каби хорижий олийгоҳлар билан бирга "Янги авлод тадбиркорлари" дастурини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.
Дастур доирасида камида 40 минг нафар ёшларни бизнес асосларига ўқитиш режалаштирилган. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган 1 минг нафар энг яхши битирувчиларга уларнинг лойиҳаларини амалга ошириш учун 3 йил муддатга 7 фоиз ставкада 200 млн сўмгача имтиёзли кредит бериш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ҳар йили "Ёш тадбиркорлар" танлови ўтказилади, унинг натижаларига кўра 100 та энг яхши лойиҳа тўлақонли брендга айланиши учун Ёшлар Вентурес жамғармасидан 1 миллиард сўмгача маблағ олади.
Банклар томонидан 1 тадан консалтинг компанияси ташкил этилиб, улар жорий йилда 50 минг нафар ёш тадбиркорга бизнес режалар ишлаб чиқиш ва уларни тайёрлаш харажатларини қоплашга кўмаклашади.
Шунингдек, йирик савдо тармоқлари вакиллари ва малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, камида 20 минг нафар ёшлар тадбиркорликка ўқитилади.
Бундан ташқари, 1 мартдан бошлаб янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларга инфратузилмага уланиш билан боғлиқ харажатлар Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Изоҳ