Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 февралдаги 69-сон қарори билан олий малака тоифасига эга педагогларга ипотека орқали уй-жой сотиб олишда давлат субсидияси ажратиш тартиби жорий этилди. Қарорнинг мақсади — тажрибали ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларни уй-жой билан таъминлаш.
Низомга мувофиқ, камида 15 йил педагогик стажга эга ва олий малака тоифасини олган педагоглар давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Улар ипотека кредити асосида квартира сотиб олганда бошланғич бадалнинг 25 фоизигача бўлган қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Субсидия маблағи тўғридан-тўғри талабгорнинг банк ҳисобварағига ўтказилади ва фақат бошланғич бадал сифатида ишлатилади.
Субсидия фақат бирламчи уй-жой бозоридаги квартиралар учун берилади ҳамда ариза берувчи доимий рўйхатдан ўтган ҳудуд доирасида амал қилади. Тошкент шаҳрида рўйхатда турган фуқаро субсидия асосида Тошкент вилоятидан ҳам уй сотиб олиши мумкин.
Ариза Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Қўшимча ҳужжат талаб қилинмайди, чунки барча маълумотлар давлат идоралари ахборот тизимлари орқали автоматик текширилади. Кадастр органлари мулк мавжудлигини, таълим вазирликлари педагог мақомини, бандлик органлари иш стажини, банклар эса кредит тарихини текширади.
Маълумотлар текширилгандан сўнг ариза ижтимоий мезонлар асосида автоматик баҳоланади ва натижа икки иш куни ичида шакллантирилади. Қарор ҳақидаги QR-кодли электрон хабарнома ариза берувчининг шахсий кабинетига юборилади.
Ижтимоий мезонларга мос келган шахс расман талабгор деб тан олинади ва иштирокчи тижорат банкларидан ипотека кредити олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, субсидия ажратилгани кредит автоматик берилишини англатмайди — банк ички талаблари асосида қарор қабул қилади.
Субсидия суммаси ипотека шартномасида белгиланган кредит миқдорига қараб ҳисобланади ва бошланғич бадалнинг 25 фоизини қоплашга қаратилган махсус формула асосида аниқланади. Агар бошланғич бадал белгиланган миқдордан ошса, қолган қисми талабгорнинг ўз маблағи ҳисобидан тўланади.
Ипотека расмийлаштириш жараёнида талабгор квартира бўйича шартномаларни тақдим этгандан кейин тижорат банки бир иш куни ичида субсидия тўловини амалга ошириш учун электрон платформага сўров юборади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса беш иш куни ичида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидияни банк ҳисобварағига ўтказади. Ушбу маблағни бошқа мақсадга ишлатиш тақиқланади.
Агар субсидия ажратилгандан кейин 30 кун ичида ундан фойдаланилмаса, маблағ давлат бюджетига қайтарилади. Кечиктирилган ҳолларда ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.
Қарорга кўра, ипотека тўловлари узоқ вақт тўланмай, шартнома бекор қилинса ва уй гаров асосида сотилса, давлат томонидан берилган субсидия тўлиқ ҳажмда республика бюджетига қайтарилади.
Субсидия маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда, ариза берувчи ёки унинг турмуш ўртоғи аввал бошқа субсидия дастуридан фойдалангани аниқланганда, кредит тарихи банк талабларига мос келмаганда, жорий йил учун ажратилган лимит тугаганда ёки бошқа давлат ипотека дастурларидан фойдаланилган ҳолатда рад этилади.
Муҳим жиҳати — субсидия бир оилага (эр-хотинга) фақат бир марта берилади. Талабгор хоҳласа, ажратилган субсидиядан ихтиёрий равишда воз кечиши ҳам мумкин.
Шунингдек, “Халқпарвар” комиссиялари ёки суд қарорлари асосида субсидия нотўғри ажратилгани аниқланса, у бекор қилинади ва бу ҳақда фуқаро ҳамда банк уч иш куни ичида хабардор қилинади.
Изоҳ