Ўзбекистонда Урганч - Хива йўналиши бўйича биринчи пуллик автомобиль йўли қурилиши бошланди, дейилади "Ўзбекистон 24" телеканали репортажида.
Қиймати $120 млн бўлган лойиҳа доирасида 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та тоннель ва 5 та махсус йўлакни ўз ичига олган 35 километрлик йўл инфратузилмаси яратилади. Йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти кунига 20 мингдан ортиқ транспорт воситасини ташкил этади.
Транспорт оқимини бошқариш сунъий интеллектга асосланган рақамли тизимлар орқали амалга оширилади. Улар юк автомобиллари, автобуслар, микроавтобуслар, енгил автомобиллар ва бошқа транспорт турларини таний олади. Йўл қопламасининг қалинлиги тахминан 87 сантиметр бўлиб, юқори икки қатлам модификацияланган битум асосидаги махсус мустаҳкам материаллардан тайёрланади.
Қайд этилишича, ҳозирги йўлга нисбатан йўлга кетадиган вақт уч баробарга қисқаради: ҳозир йўл бир соат атрофида бўлса, янги трасса бўйлаб 17 дақиқада етиб бориш мумкин бўлади.
Янги автомобиль йўли тўрт полосали бўлади. Йўлнинг боши, ўртаси ва охирида терминаллар, шунингдек, иккита хизмат кўрсатиш шохобчаси қурилиши режалаштирилган. Трасса бўйлаб ер ости сувлари яқин жойлашганлиги сабабли коллекторлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, шунингдек, замонавий дренаж тизимларини ўрнатиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, йўлнинг турли қисмларида ҳайвонлар учун алоҳида ўтиш жойлари, аҳоли пунктларидаги йўллар билан кесишмаларда эса ер усти ўтиш иншоотлари кўзда тутилади.
Мутахассисларнинг фикрича, пуллик йўл мақоми унга доимий хизмат кўрсатиш, ўз вақтида таъмирлаш ва фойдаланиш сифатининг юқори даражасини таъминлайди.
Изоҳ