Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитасининг навбатдаги мажлисида Болалар омбудсманининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 2025 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, 2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига 1934 та мурожаат келиб тушган. Давлат органлари томонидан болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилганлиги муносабати билан мурожаатларни таҳлил қилиш якунлари бўйича 36 та таъсир кўрсатиш ҳужжати киритилди: 2 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома, 25 та хулоса ва суд ҳукмига протест келтириш тўғрисида 3 та илтимоснома.
Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 19 та жиноий ва 26 та маъмурий иш қўзғатилган. Бундан ташқари, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 20 та қарор бекор қилинди, ушбу ҳолатлар бўйича материаллар терговга қадар текширувга юборилди.
Шунингдек, интернет макони мониторинги натижаларига кўра, бола ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари биргаликда ўрганилди. Интернет тармоғида болаларга нисбатан аниқланган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 23 та жиноят иши ва 28 та маъмурий иш қўзғатилган.
Ҳисоботда таъкидланганидек, ҳисобот даврида 403 млн 745 минг сўмлик алимент қарздорлигини ундиришга кўмаклашилган.
Бундан ташқари, йил давомида ногиронлиги бўлган 20 нафар бола учун тиббий кўриклар ташкил этилиб, уларга реабилитация ва психологик-педагогик коррексион хизмат кўрсатишга кўмаклашилди.
Хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 45 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.
Изоҳ