Президентнинг кўп қаватли уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарорига мувофиқ, 1 июлдан бошлаб Тошкентда умумий йиғилишларни ташаббус қилиш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномалар тузиш, бошқарувчилар томонидан ҳисоботлар тақдим этиш, шунингдек фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш фақат Mening uyim тизими орқали амалга оширилади.
2027 йилдан ушбу тартиб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.
Маълум қилинишича, тизим орқали кўп қаватли уйларнинг умумий мулкидан фойдаланиш, ижарага беришдан тушадиган маблағлар ҳамда мажбурий тўловлар ҳисоби юритилади. Мажбурий тўловлар фақат банк карталари, электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали амалга оширилади.
Шунингдек, кўп қаватли уй ва унга туташ ер участкаларини сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича йиллик ишлар режаси ҳамда молиялаштириш сметаси ойлар кесимида аниқ ишлар ва суммалар кўрсатилган ҳолда умумий йиғилиш қарори билан тасдиқланади.
Ушбу масала бўйича умумий йиғилиш қарори лойиҳаси ҳар йили январь ойида Mening uyim тизимида шакллантирилади.
Изоҳ