Қозоғистоннинг Атиров вилояти Кулсари шаҳрида шов-шувли воқеа содир бўлди: Пушкин номидаги 6-мактабнинг 15 ёшли 10-синф ўқувчиси таълим муассасасида тенгдошларига болта билан ҳужум қилди.
Ҳужум ҳақидаги хабар "102" хизматига 5 февраль куни тушдан кейин келиб тушган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ўсмир болта билан мактаб коридори бўйлаб югуриб, бошқа ўқувчиларни урмоқчи бўлганини кўриш мумкин.
Ҳужум оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси енгил тан жароҳати олган. Уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўтказилган рентгенологик текширувда юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши, шилинишлар ва тери ости гематомалари аниқланди.
Кейинчалик амбулатор даволанишга юборилган. Ҳозирда ўсмирларнинг аҳволи қониқарли, ҳаётига хавф йўқ.
Воқеадан сўнг ҳужум қилган шахс мактаб ҳудудини тарк этган, бироқ тез орада қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Иш ҳужжатлари Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга юборилган. Вояга етмаган шахсни тарбиялаш бўйича мажбуриятларни лозим даражада бажармаганлиги учун йигитнинг ота-онасига нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўсмирни бундай хатти-ҳаракатга ундаган ҳолатлар ва сабабларни ўрганмоқда.
Изоҳ