АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серджио Гор 3–7 февраль кунлари Ўзбекистон ва Қирғизистонга ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШ ҳукуматининг расмий сайтида маълум қилинди.
Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган ташриф давомида Серджио Гор B5+1 бизнес-форумида иштирок этади. Форум доирасида у Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда АҚШдан келган етакчи тадбиркорлар ва юқори лавозимли мансабдор шахслар билан учрашувлар ўтказади.
Юқори даражадаги муҳокамалар давомида ишбилармонлар ҳамжамиятининг АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги муҳим ўрни алоҳида таъкидланади.
Шунингдек, Бишкек ва Тошкент шаҳарларида Серджио Гор икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида юқори лавозимли расмийлар билан учрашувлар ўтказади.
«Қўшма Штатлар Қирғизистон ва Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, бутун минтақанинг барқарорлиги ва фаровонлигига хизмат қиладиган инновацион шерикликларни ривожлантиришга содиқ», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил октябрь ойида Серджио Гор аллақачон Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ўшанда президент билан учрашувда 2025 йил 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида ўзбек-америка стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Изоҳ