Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Қонун лойиҳасига кўра, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида шахснинг ўзи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси ташаббускори, депутат Хушвакт Хайитов ушбу ҳужжатга изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда гўё лайк тўплаш, обуначилар сонини ошириш ёки турли контент орқали эътибор жалб қилиш мақсадида қилинган ҳаракатлар учун жавобгарлик жорий этилаётгани ҳақида нотўғри маълумотлар тарқалган.
«Лойиҳа лайк ёки обуначи тўплаш учун жавобгарликни назарда тутмайди. Гап интернетда ўзининг содир этган ҳуқуқбузарлигини тарқатиш учун жавобгарлик ҳақида кетмоқда», — дея таъкидлади депутат.
Унинг қайд этишича, ҳозирги кунда ёшлар орасида “тезкор машҳурлик”ка эришиш мақсадида ўз ҳуқуқбузарликларини (кўпинча йўл ҳаракати қоидалари, жамоат тартиби ва хулқ-атвор меъёрларини бузиш ҳолатларини) видеога олиб, интернетда тарқатиш ҳолатлари тобора кўпаймоқда. Бу орқали улар жамиятдаги қоидаларга беписанд муносабатни ва ҳуқуқбузарликни атайлаб тарғиб қилмоқдалар.
«Бундай ҳолатларда шахс фақат ҳуқуқбузарликнинг ўзи учунгина жавобгар бўлмайди. Аслида, ўз ҳуқуқбузарлигини тарқатиш ва тарғиб қилиш янада юқори ижтимоий хавф туғдиради. Чунки бу орқали ёшларда жазонинг муқаррарлигига нисбатан шубҳа пайдо бўлади, бундай хатти-ҳаракатлар обрў келтиради деган ёлғон тасаввур шаклланади ва вайронкор оммавий маданият юзага келади», — деб тушунтирди Хушвакт Хайитов.
Шундан келиб чиқиб, ўз ҳуқуқбузарлигини тарғиб қилиш ва қонунга намойишкорона беписанд муносабатда бўлиш учун жавобгарлик белгилаш зарурати пайдо бўлмоқда.
Қайд этилишича, ушбу тақиқ реал ҳаётда содир бўлмаган, ўйлаб топилган ҳуқуқбузарликлар тасвирланган бадиий ёки юмористик видеоларга татбиқ этилмайди.
«Бошқа шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик акс этган материалларни тарқатиш учун, шу жумладан бу тегишли органларни хабардор қилиш мақсадида қилинган бўлса, ҳеч қандай жавобгарлик назарда тутилмаган», — дея алоҳида таъкидлади депутат.
Изоҳ