Эсенбоға халқаро аэропортида Шавкат Мирзиёев ва Зироат Мирзиёевани Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған рафиқаси билан кутиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат раҳбарларининг биринчи хонимлар иштирокидаги қисқа учрашуви ҳам бўлиб ўтди.
Суҳбатда давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Ташриф дастурига мувофиқ, бугун "Оқсарой" қароргоҳида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвеститсиявий, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилади.
Анқара шаҳридаги тадбирлар доирасида Хатай вилоятининг Арсуз туманида “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиши ва Истанбулда ўзбек мактабининг қурилишини бошлашга бағишланган маросим ҳам бўлиб ўтади.
Изоҳ