Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги (ТТЖ) яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тасдиқланди.
Ушбу имтиёздан «Ижтимоий реестр»га киритилган оилаларнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган фарзандлари фойдаланиши мумкин. Тўловлар талаба грант ёки контракт асосида ўқишидан қатъи назар амалга оширилади.
Қарорга кўра, талабалар ТТЖга устуворлик асосида, навбатсиз қабул қилинади. Агар давлат ётоқхонаси бўлмаса, талабалар давлат-хусусий шериклик асосида қурилган турар жойларга жойлаштирилиши мумкин. Тўловлар ҳар ойнинг 15-санасига қадар талабанинг банк пластик картасига ўтказиб берилади.
Давлат олий таълим ташкилотларининг талабалар турар жойида яшайдиган талабаларига ойлик тўловлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат олий таълим ташкилоти ҳамда талаба томонидан имзоланган шартнома мавжуд бўлган тақдирда, қоплаб берилади.
Талабгорларни аниқлаш ва рўйхатини шакллантириш
Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар асосида комиссия томонидан талабгорлар рўйхати аниқланади.
Ариза берувчи ўқув йили учун талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш юзасидан ўзлари таълим оладиган олий таълим ташкилотининг ректори (филиал директори) номи ойнинг 7-санасига қадар ариза билан мурожаат қилади. Ушбу муддатдан кейин тақдим этилган аризалар ушбу ой бўйича яшаш харажатларини қоплаб бериш учун кўриб чиқилмайди.
Ариза берувчи мустақил равишда комиссияга “Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш ахборот тизими” (kontrakt.edu.uz) орқали ариза юборади. Ариза тегишли ўқув йили учун бир марта юборади.
Изоҳ