Ўрганиш "Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қонун доирасида ўтказилган бўлиб, текширувларнинг самарадорлиги, қонунийлиги ва сифатини қамраб олган, деб хабар беради Бизнес-омбудсман матбуот хизмати.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, давлат органлари тўплаган балларига қараб уч тоифага - "яхши," "қониқарли" ва "қониқарсиз" тоифаларга ажратилди.
"Яхши" тоифасига (80 дан 100 баллгача) бизнес билан энг тўғри ва мувозанатли ишлаган бир қатор идоралар киритилди. Хусусан, Ҳисоб палатасига 95 балл, Архив агентлигига 90 балл, Фуқаро авиацияси агентлиги, Кинематография агентлиги ва Давлат захираларини бошқариш қўмитасига 85 баллдан берилди.
Бизнес-омбудсманнинг баҳолашича, ушбу тузилмалар тадбиркорлар билан зиддиятларнинг паст даражаси, текширувлар тартибига риоя қилиш ва минимал маъмурий босим билан ажралиб туради. Уларнинг фаолиятидаги текширишлар, одатда, тизимли ва асосланган характерга эга бўлади.
"Қониқарли" тоифада Божхона қўмитаси, Марказий банк, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги қайд этилди. Уларнинг иши мақбул деб топилди, бироқ, ҳисоботда таъкидланганидек, тадбиркорлар ҳали ҳам ортиқча талаблар, чўзилган тартиб-қоидалар ва айрим жараёнларнинг етарли даражада шаффоф эмаслигига дуч келишмоқда.
Тадқиқотнинг энг шов-шувли натижаси шундаки, Солиқ қўмитаси рейтингда охирги ўринни эгаллаб, атиги 5 балл тўплади ва "қониқарсиз" тоифасидан жой олди.
Бизнес-омбудсманга кўра, тадбиркорлар томонидан энг кўп шикоятлар айнан солиқ идораларига тўғри келади.
Шунингдек, Маданий мерос агентлиги, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси, Кадастр агентлиги ҳамда қурилиш ва санитария назорати соҳасидаги қатор тузилмаларда ҳам паст кўрсаткичлар қайд этилган.
Бизнес-омбудсман идораси рейтинг давлат органларига босим ўтказиш воситаси эмаслигини таъкидлади. Унинг асосий вазифаси давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро муносабатлардаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва идораларни назорат фаолиятини ислоҳ қилишга ундашдир.
Изоҳ