Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида газ йўқлиги сабабли автобуслар бир неча кундан буён йўналишларга чиқмаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Энергетика вазирлиги жамоат транспортининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида йўловчи ташувчи корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида автобусларга табиий газ қуйиш ташкил этилди.
Жамоат транспорти ва махсус техникаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 25 январь куни АГТКШларга 1,5 млн куб метр табиий газ етказиб берилди. 26 январь куни яна 2,5 млн куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, Фарғона вилоятида соат 12:00 дан 15:00 гача бўлган вақт оралиғида 22 та газ тўлдириш шохобчалари орқали жамоат ва коммунал транспортларига газ тўлдириш хизматлари кўрсатилган. Тошкент вилоятида соат 14:30 дан 17:30 гача 20 та метан заправка орқали хизмат кўрсатилди. Қолган ҳудудларда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
"Кўрилган чора-тадбирлар натижасида бир қатор ҳудудларда, жумладан, аҳоли хонадонларида газ қувурларида босимни ошириш ҳисобига табиий газ босими меъёрий ҳолатга келтирилмоқда. Жараёнларни вилоят ҳокимликлари тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари орқали мувофиқлаштириб боради," - дейилади хабарда.
Изоҳ