Тошкент шаҳрида экологик юкни камайтириш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида саноат корхоналарини шаҳар ташқарисига кўчириш дастури бошланди. Ишлар атроф-муҳитни ифлослантириш даражаси юқори бўлган корхоналарни қайта жойлаштиришни назарда тутувчи тасдиқланган ҳужжатга мувофиқ махсус комиссия томонидан амалга оширилади.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, битта саноат объектининг кўчирилиши пойтахтда чиқиндилар ҳажмини йилига 226 тоннадан кўпроққа камайтириш имконини беради.
Асосланган таклифлар асосида тегишли ташкилотлар билан биргаликда Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларидан асбест ва цемент саноати, чарм-пойабзал ва паррандачилик, қора ва рангли металлургия, шунингдек, энергия сарфи юқори бўлган бошқа тармоқлар корхоналарини шаҳар ташқарисига олиб чиқиш назарда тутилмоқда.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 87 та корхона мавжуд бўлиб, уларнинг фаолияти ушбу талабларга жавоб беради. Ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик жараёнларни замонавий экологик стандартларга мувофиқлаштириш шарти билан уларни босқичма-босқич кўчириш режалаштирилмоқда.
Дастурни амалга ошириш доирасида махсус комиссия томонидан саноат объектларида доимий равишда рейд текширувлари ўтказилмоқда. Масалан, Янгиҳаёт туманидаги Жанубий саноат зонасида иккиламчи рангли металларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ фаолияти текширилди. Корхона I тоифали экологик хавфли объектлар қаторига киради.
2025 йил октябрь ойида ўтказилган текширув натижаларига кўра, атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари аниқланган. Корхонага мажбурий кўрсатма берилиб, 18 млрд 91 млн 717 минг 137 сўм миқдорида экологик зарар учун компенсация ҳисобланди.
Махсус комиссия қарори ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг кўрсатмаларига асосан корхона Жиззах вилоятидаги саноат зонасига кўчирилади ва Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт тумани ҳудудида ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатади.
Компенсация тўловлари бўйича берилган имтиёзлар ҳисобидан эскирган ва экологик хавфли эритиш печлари утилизация қилинади. Келгусида корхона замонавий экологик талабларга тўлиқ жавоб берадиган янги, янада технологик ускуналарда ишлашни давом эттиради.
Кўрилган чора-тадбирлар атмосферага йилига ўртача 226,7 тонна атрофида ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олдини олиш имконини бериши кутилмоқда, бу эса пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ҳаво сифатини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилади.
Аввалроқ, президент фармонига кўра, 2025 йилдан бошлаб Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида зарарли ва энергия сарфи юқори бўлган корхоналарни қуриш тақиқлангани, мавжудлари босқичма-босқич кўчирилиши ҳақида ёзган эдик.
Изоҳ