Андижон вилоятида ИИВ ва ДХХ ходимлари томонидан фуқароларга қурол ва тиғли жисмлар билан таҳдид қилиб, жиноий ҳаракатлар содир этган уюшган гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Андижон шаҳрида туғилган "Хожи" ва "Муфтий" лақабли, муқаддам ЖКнинг бир қатор моддалари билан судланган ушбу жиноий гуруҳнинг икки нафар аъзоси республика ҳудудини тарк этган. Ҳозирда уларни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.
Гуруҳ таркибида уларнинг шериклари - "Шайтан" лақабли Ж.Ж. ва Ж.Ю. Олдиндан жиноий тил бириктириб, крипто-активларни айирбошлаш билан шуғулланувчи шахсни узоқ вақт давомида кузатиб боришган. Шундан сўнг унга қўнғироқ қилиб, ўзларини мижоз сифатида таништириб, Андижондаги супермаркетлардан бирида учрашув белгилашган. У ерда улар эркакни Damas автомобилига ўтқазиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ниқоби остида унинг криптоактивлар билан ноқонуний шуғулланаётганидан хабардор эканликларини маълум қилишган. Шунингдек, агар у 150 минг долларни крипто ҳамёнига ўтказмаса, жиноий жавобгарликка тортилиши билан таҳдид қилишган.
Қурол ва ўткир тиғли буюмлар билан қўрқитиб, фуқарони қийноққа солиб, мол-мулкини беришга мажбур қилишган. Натижада жиноий йўл билан уларнинг ҳамёнига жами 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги криптовалютани ўтказишга муваффақ бўлишган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми "а" банди ва 176-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур гуруҳнинг бошқа жиноий ҳаракатларини фош этишга қаратилган тезкор тадбирлар давомида унинг аъзоси - муқаддам ЖКнинг тўртта моддаси билан судланган О.Ю. аёл кишини дўппослаб, унинг iPhone 16 Pro Max телефонини олиб қўйгани ҳам аниқланган. Шунингдек, зўравонлик билан қўрқитиб, ундан 10 миллион сўм олган ва шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан ЖКнинг 166-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, илгари бир неча спорт тури билан шуғулланган ушбу гуруҳ аъзолари кўчаларда тинч фуқароларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этган. Гуруҳ аъзолари хорижда ҳам бир қатор жиноятлар содир этган.
Ушбу жиноий гуруҳ ҳаракатларидан жабрланганлардан ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилиш сўралган.
Изоҳ