2025 йилда сайёҳлар сони 11 миллион кишидан ошди, туризм хизматлари экспорти 4,8 миллиард долларга етди. Халқаро маданий тадбирлар натижалари, туризм соҳасини ривожлантириш, йирик маданият ва туризм объектларини барпо этиш бўйича келгуси вазифалар юзасидан ўтказилган тақдимотда президентга шу ҳақда маълумот берилди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон билан визасиз режим амал қиладиган давлатлар сони 94 тага етди.
Шу билан бирга, туризм соҳасини лойиҳа бошқаруви тизимига ўтказиш, туристик маҳсулотларни яратиш ва ривожлантиришнинг ягона механизмини жорий этиш, йирик тадбирларни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Соҳа фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат ва хусусий ахборот тизимларини уйғунлаштириб, Миллий туризм платформасини ишга тушириш, туристлар ва тадбиркорлар учун проактив рақамли хизматларни жорий этиш, нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ҳамда туристлар оқимини таҳлил қилиш вазифалари белгилаб берилди. Рақамлаштириш орқали яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва сайёҳлик йиғимидан йиллик тушумларни ошириш режалаштирилгани қайд этилди.
Шунингдек, мамлакатнинг туризм салоҳиятини устувор бозорларда - АҚШ, Форс кўрфази мамлакатлари, Ҳиндистон, Хитой ва Скандинавияда илгари суриш бўйича янги маркетинг стратегиясини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Халқаро туризм платформаларида Ўзбекистоннинг иштирокини кенгайтириш, рақамли контентни ривожлантириш, йирик медиа платформалар ва жамоатчилик фикри етакчиларини жалб қилиш бўйича вазифалар белгиланди.
Тақдимотда йирик маданият ва санъат объектлари лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.
Самарқандда “Самарқанд мероси йўлаги” лойиҳаси иш бошламоқда. Регистон ансамбли, Бибихоним ва Шоҳи Зинда мажмуалари ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонасини 6,6 километрлик ягона сайёҳлик йўналиши ўзаро боғлайди.
Самарқандда янги “Ипак йўли” музейини қуриш лойиҳаси тақдим этилди. Умумий майдони 19,5 минг квадрат метрни ташкил этадиган уч қаватли замонавий бино қурилиб, унда инклюзив муҳит, кўргазма заллари, экспонатларни сақлаш фондлари, шунингдек, таълим олишга мўлжалланган ҳудудларни яратиш кўзда тутилган.
Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида ландшафт дизайнини янгилаш режалаштирмоқда. Янги музей биноси, иммерсив кўргазма заллари, ташриф буюрувчилар учун марказ барпо этилади. Пиёда йўлаклари ободонлаштирилиб, археологик объектлар ягона музей муҳитига уйғунлаштирилади.
Шунингдек, Бухоро шаҳрининг бош режаси тақдим этилди. Унда қулай шаҳар муҳитини шакллантириш, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, конгресс-холл, амфитеатр, кутубхона, фуд-холл, чакана савдо ва тижорат объектлари ҳамда юқори тоифали меҳмонхонани ўз ичига оладиган кўп функцияли мажмуа сифатида тарихий-этнографик боғ барпо этиш назарда тутилган.
Муҳокама якунида Президентимиз маданият лойиҳаларини туризмни ривожлантириш вазифалари билан ўзаро боғлаган ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва сифатли бошқарувини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Изоҳ