Аввалроқ, аёлларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганликда гумонланган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида мазкур иш кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда UzNews.uz мухбири суд қарорига таяниб.
Иш материалларига кўра, 32 ёшли эркак 6 январь куни маст ҳолда жамоат жойида шимини ечиб, жинсий аъзосини атрофдагиларга намойиш қилган, баланд овозда бақирган, ўтиб кетаётган фуқароларга нисбатан уятли сўзлар ишлатган.
Кейинчалик у автобус бекати олдида туриб, аёлга ўзининг жинсий аъзосини кўрсатиб, уятсиз ҳаракатлар қилган. Сўнгра автобус бекати яқинидаги ер ости йўлагида ўша аёлга ўзининг жинсий аъзосини такроран кўрсатган.
Эркак 7 январь куни ИИО ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан текширув тадбирларини ўтказиш учун расман чақирилган бўлса-да, ИИОга келмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.
Суд қарори билан эркак МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ ва БҲМнинг 5 баравари (2,06 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Изоҳ