Тошкент шаҳар Яшнобод туманида номамълум шахслар қўлида пичоқ кўтарган ҳолда кўп қаватли уйлар эшигини тақиллатиб, хонадон эгаларини тинчини бузгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати изоҳ берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 5 январь куни тунги соат 01:35 атрофида 1984 йилда туғилган О.С. маст ҳолатда бўла туриб, Яшнобод туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида қўшниси Д.Ю.нинг эшигини тақиллатиб, уни безовта қилган. У жамоат жойида бўла туриб, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёни қонунга хилоф равишда олиб юриб, жамоат тартибини бузган. Ушбу ҳолат юзасидан туман ИИО ходимлари томонидан тезкорлик билан чора кўрилган ва ҳуқуқбузар маъмурий тартибда ушланган.
Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан фуқаро О.С.га нисбатан МжТКнинг 183 (майда безорилик), 185 прим.2 (совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш), 194 (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судига юборилган. Суд томонидан ушбу шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Изоҳ