Куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига қорин соҳасида кучли оғриқ билан 29 ёшли фуқаро ётқизилди, дея хабар бермоқда тиббиёт муассасаси матбуот хизмати.
Ташхис қўйиш ва лаборатория текширувлари натижаларига кўра, беморнинг ошқозон-ичак трактида кўп миқдорда металл буюмлар - михлар ва санчқилар борлиги аниқланган.
"Шошилинч жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинди. Барча тайёргарлик муолажалари бажарилгандан сўнг лапаротомия ва гастростомия операцияси ўтказилди. Беморнинг қорин бўшлиғидан анчагина металл буюмлар - тахминан 200 грамм чиқариб олишга муваффақ бўлинди. Операция бир соатча давом этди," - дейди тиббиёт маркази олий тоифали шифокори Йўлдош Қулиев.
Маълумотларга кўра, эркак кучли стресс таъсирида бўлган ва ўз ҳаракатларини назорат қила олмай, юқоридаги нарсаларни ютиб юборган.
Қайд этилишича, ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли, бемалол ҳаракатлана олади.
Изоҳ