Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳридаги Давлат Эрмитажида МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди, дея хабар бермоқда президент Матбуот хизмати.
Тадбирда Россия президенти Владимир Путин, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирок этди.
Учрашувда жорий йилда биргаликда амалга оширилган ишларнинг асосий якунлари сарҳисоб қилиниб, келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш учун қулай шароитларни шакллантириш, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро инвестициялар ўсишини рағбатлантириш ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, энергетика ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги маданий-гуманитар алмашинувни сақлаб қолиш ва ривожлантириш, хусусан, ёшларнинг ижодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.
Изоҳ