Аввалроқ, биринчи инстанция суди Акмал Шукуровни аёвсиз калтаклаш ва фирибгарлик учун 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Орадан бир ярим ой ўтгач, апелляция суди Акмал Шукуровга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгартириб, унга нисбатан енгилроқ озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Суд А.Шукуровнинг айбига қисман иқрор бўлганлиги, пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги ва етказилган зарарни қоплаганлигини инобатга олиб, унга 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси тайинлаб, суд залидан озод қилганди.
Тошкент шаҳар прокуратураси апелляция инстанцияси қарорини бекор қилишни сўраб, назорат тартибида протест киритди. Шунингдек, протестда биринчи инстанция суди ҳукмининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми "а" банди билан тайинланган жазо қисмини ўзгартириш ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми "э" банди ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми "г" банди билан тайинланган жазоларни ўзгаришсиз қолдириш масаласи қўйилган.
Бугун, 18 декабрь куни мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судининг 3 нафар судьядан иборат таркибдаги судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилди. Прокуратура протести қаноатлантирилди.
Эълон қилинган ажримга кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилиб, апелляция инстанциясининг қарори бекор қилинган.
А. Шукуровга ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми "а" банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, жиноят натижасида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги муносабати билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми "э" банди билан тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шунингдек, ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми "г" банди билан тайинланган 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилди.
Шундай қилиб, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан А.Шукуровга узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг қамоқда сақланган кунлари тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилди.
Томонларга Тошкент шаҳар судининг мазкур ҳал қилув қарори устидан назорат тартибида шикоят бериш ёки Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест келтириш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
Изоҳ