Жорий йилнинг 13 декабрь куни Хўжайли тумани "Саманкўл" маҳалласидаги хонадонлардан бирида уч киши ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда UzNews.uz’га Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, фуқаро А.Ж. уй-жойни иситиш мақсадида қўлбола усулда ясалган иситиш печини қайта ясаган: мўрисини кесиб, печни бошқа хонага кўчирган ва ноқонуний равишда мўрисиз газ тармоғига улаган.
Оқибатда фуқаро А.Ж. ҳамда унинг набиралари 14 ёшли А.С. ва 10 ёшли А.К.лар воқеа жойида ҳушидан кетиб, вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хўжайли тумани ҳокимлиги томонидан марҳумларнинг оила аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда.
Изоҳ