Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйларга ўрнатилган 9 147 та лифт текширилган.
Текширувлар натижасида 37 103 та носозлик аниқланиб, улар бўйича маълумотлар "Хавфсиз лифт" тизимига киритилган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бундан ташқари, техник кўрикдан ўтмаган 6 844 та лифтга фуқароларни хабардор қилиш мақсадида "Лифт техник кўрикдан ўтмади" деган огоҳлантирувчи ёзувлар жойлаштирилган.
Қўмитанинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Олимжон Жўраев автокранлар, ёқилғи қуйиш шохобчалари ва аттракционларни текшириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Хусусан, хавфли ишлаб чиқариш объектлари тоифасига кирувчи 205 та ёқилғи қуйиш шохобчаси текширилгани қайд этилди. Текширувлар давомида қуйидаги қоидабузарликлар аниқланди:
- 41 та объект идентификациядан ўтмади;
- 78 тасида саноат хавфсизлиги бўйича лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмаган;
- 147 та қурилмада экспертиза хулосаси мавжуд эмас;
- 21 та объект давлат реестрига киритилмаган;
- 129 та техноген хавф юқори бўлган зоналарнинг кадастр паспорти мавжуд эмас.
Шунингдек, бошқарма 17 та маданият ва истироҳат боғидаги 263 та аттракцион текширилганини маълум қилди.
Уларнинг 45 нафари техник паспортга эга эмаслиги, 23 нафари эксплуатация учун масъуллар тайинланмагани, 39 нафари эса рухсатномасиз ишлаётгани аниқланган. Қоидабузарлар фаолияти тўхтатилди: 18 та аттракцион электр тармоғидан вақтинча узилди, 29 та қўлбола қурилма тўлиқ тўхтатилди.
Изоҳ