Транспорт вазири Илҳом Махкамов пойтахт йўлларидаги тирбандликни камайтириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг сенаторлик сўровига жавоб берди.
Транспорт вазирлиги ҳисоботига кўра, Тошкент йўлларида ҳар куни тахминан 1 миллионга яқин транспорт воситаси ҳаракатланади, шулардан 300 мингтаси шахсий автомобиллар бўлиб, улар асосий тирбандлик манбаига айланмоқда. h
Жамоат транспортини ривожлантириш ва тирбандликни камайтириш мақсадида Тошкент учун 1004 та янги автобус сотиб олинган, шулардан 304 таси электробус ҳисобланади.
Ҳозирги кунда пойтахтда 164 та автобус йўналиши фаолият юритмоқда. Улар тўрт тоифага бўлинган: 99 та — асосий, 14 та — айланма, 11 та — магистрал, 40 та — ёрдамчи (подвозящий). Автобуслар ҳаракати интервали икки баравар қисқариб, ҳозирда 8–10 дақиқага тенг. Жамоат транспортининг ўртача тезлиги 18–21 км/соатга етди. Ҳар куни тахминан 1,4 миллион йўловчи ташилади, бу эса ҳаво ифлосланишини камайтириб, шахсий автомобиллардан фойдаланишни қисқартирди.
Автобусларнинг ўртача тезлиги 29% га ошди (18,7 км/соатдан 24,1 км/соатгача). Бу орқали тахминан 800 минг йўловчи ҳар куни вақтини тежамоқда. Асосий шаҳар магистралларида — умумий узунлиги 472 км бўлган 36 та йўл коридорида — ҳаракатни бошқаришнинг интеллектуал тизими ва “ақлли” светофорлар ўрнатилмоқда. Энг тиғиз кўчалар (Ш. Руставели, А. Темур, Сергели ва бошқалар) реконструкция қилинмоқда, автобуслар учун алоҳида йўлаклар жорий этилмоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, “Интеллектуал транспорт” тизимлари Навоий, Беруний, Фарҳод, Келес ва бошқа кўчаларда ҳам жорий этилмоқда. Аҳангарон кўчасининг 3 км қисмида сенсорлар, масофадан бошқариладиган светофорлар ва қоидалар бузилишини қайд этувчи камералар ўрнатилган. Энг тирбанд 11 йўналишда (масалан, Шота Руставели, А. Темур, Фарғона йўли ва бошқалар) 166 та “ақлли” чорраҳа ташкил этилган.
Агломерацияни интеграция қилиш мақсадида шаҳар атрофини ягона автобус йўналишлари орқали Тошкент билан боғлаш режалаштирилмоқда. 2025 йил октябрь ойида “Тошшахартрансхизмат” АЖ учун 200 та электробус етказиб берилиши кутилмоқда. 2026 йилга қадар яна 1000 та янги автобус қўшиш ва йўналишларни пойтахт атрофидаги аҳоли пунктларигача узайтириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Тошкентда тунги йўналишлар ва туристик транспорт фаолият юритади. “Туристик кўчалар” ва вокзалларга хизмат кўрсатиш мақсадида 15 та тунги автобус йўналишини ташкил этиш режалаштирилган (соат 22:00 дан 06:00 гача). Ушбу йўналишлар аэропорт, вокзаллар, метро ва меҳмонхона ҳудудларини боғлайди.
Изоҳ