Ўзбекистон Биринчи Президентининг набираси, блогер Марям Тиллаева Instagram’да обуначиларнинг саволларига жавоб қайтарди. У сторисларда онаси Лола Тиллаева билан муносабатлар ҳақида ҳам тўхталди.
Марямнинг сўзларига кўра, ҳозирда у онаси билан умуман алоқада эмас.
«Онамангина яқин қариндошлар ичида мулоқотни бутунлай узган инсон. Унинг хатти-ҳаракатлари менга доим ғалати кўринади: у кўпинча ўзини бошқалар олдида яхши қилиб кўрсатишга ёки жабрдийда аёл образини намоён қилишга ҳаракат қилади. Бироқ Ўзбекистонга келганида ҳам онасининг уйига кирмаган. Бундай ҳолатлар аввал менга оғир таъсир қиларди, ҳозир эса кўникканман. Фақат укам ва синглим учун афсусланаман», — деди у.
Унинг таъкидлашича, улар беш йилдан бери гаплашишмаган. Шунга қарамай, Марям онаси билан мулоқот бўлмаса ҳам, қандайдир тарзда унинг ҳаётидаги воқеаларни ҳис қилиб туради.
«Вақт ўтиши билан муаммолар кўпайди. Қачон ярашишимизни билмайман. Онам ҳақида атрофдагилардан кўп нарса эшитганим сари, унга бўлган фикрим ўзгармоқда. Гўё у одамлар эътиборини қозониш учун ҳамма нарсани бажаришга тайёрдек», — дея қўшимча қилди блогер.
Марям оила тарихи мураккаблигини айтиб, айрим воқеаларни бобоси ва бувисига ҳурмат юзасидан ошкор эта олмаслигини қайд этди. Шу билан бирга, онасининг унга нисбатан рақобатчи сифатида қарашини ҳам сезганини айтди.
«Бу гап мантиққа тўғри келмаса-да, баъзан онам мен билан рақобатлашаётгандек туюлади», — деди у.
«Дўстларим ҳам менга раҳм қилишган, ҳатто воқеаларни тўлиқ айтмаганимда ҳам. Улар менга ҳавас қилишмайди. Чунки лавозим ёки бойлик асаб ва оилавий можароларга арзимайди», — дейди Марям.
Унинг таъкидлашича, энди у ўз ҳаётидан завқ олиб яшашга ва ўзи хоҳлаган ишларни қилишга қарор қилган.
«Мен яқинларимнинг хатти-ҳаракатлари учун жавоб бермайман. Ҳеч кимни қутқариш ёки яраштириш менинг вазифам эмас. Фақат ўз ҳаётимни яшайман ва ўз оиламни қураман», — деди блогер.
Изоҳ