Қонунчилик палатасининг сешанба куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар Сенатнинг фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунчилик таклифи бўйича қарор лойиҳасини қабул қилдилар.
Қонун лойиҳасининг мақсади миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли ҳамда Бирлашиш ва жамоавий музокаралар олиб бориш ҳуқуқи тўғрисидаги 98-сонли конвенциялари талабларига мувофиқлаштиришдан иборат.
Ҳужжатда иш ташлаш ҳуқуқини қонунчилик йўли билан тартибга солиш кўзда тутилган. Ҳужжат миллий қонунчиликдаги бўшлиқни тўлдириш орқали фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини халқаро стандартларга мувофиқ тўлиқ таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси 9 та моддадан иборат бўлиб, улар билан 2 та қонун ва 4 та кодексга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Меҳнат кодексида иш ташлашнинг аниқ таърифи ва тушунчаси, уни ўтказиш тартиби, шунингдек, иш ташлаш даврида ходимларга бериладиган кафолатлар мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, иш ташлашнинг бошланишини кечиктириш, уни тўхтатиб туриш, тиклаш ва тугатиш тартиби тушунтирилмоқда, шунингдек, иш ташлашлар ўтказиш билан боғлиқ чекловлар белгиланмоқда.
"Қонун лойиҳаси миллий қонунчиликни халқаро меҳнат стандартларига тўлиқ мувофиқлаштиришга, ижтимоий адолат, тенглик ва демократик бошқарув тамойилларини амалда мустаҳкамлашга қаратилган," - дея таъкидлади депутатлар.
Изоҳ