Жиззахда ота ўз фарзандини аёвсиз калтаклагани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.
Мазкур ҳолат Болалар омбудсманининг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили ва мутасаддилар томонидан ўрганилаётгани айтилди.
Аниқланишича, Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро С.Ш. оилавий низо сабабли 2 нафар фарзандига жисмоний зўравонлик ҳаракатларини содир этган.
"Ҳозирда отага нисбатан қатъий чора кўрилиши ҳамда болаларни хавфсиз муҳитга олиниши, уларга зарур психологик, ижтимоий кўмак кўрсатилиши бўйича ички ишлар органлари ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий Инсон маркази мутахассислари томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда," - дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани ўз кузатувини давом эттиришини ва бу борада қўшимча тарзда ахборот берилишини маълум қилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ томонидан ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми "а" банди (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ