ДХХ ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳрида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компания биносида жойлашган яширин цехни фош қилди. Ушбу цехда ноқонуний равишда қалбаки дорилар ишлаб чиқарилиб, шаҳар дорихоналари орқали тарқатилган.
Текширув жараёнида дорилар ишлаб чиқариш учун мўлжалланган 11 та станок, 21 та дори шакли, умумий оғирлиги 389 кг бўлган порошок ва таблеткалар, "Raikal" маркали пневматик қурол ҳамда бошқа буюмлар мусодара қилинди.
Шунингдек, мазкур компанияга тегишли яна бир бинода яширин цех аниқланди. У ердан ҳам ишлаб чиқариш ускуналари, дорилар шакллари, бўш капсулалар, қутилар, йўриқномалар ва кукун шаклидаги хомашё топилди.
"Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" давлат унитар корхонаси мутахассислари хулосасига кўра, яширин цехда "Урсосан 250 мг", "Нейромидин 20 мг", "Фаниган" каби дори воситалари қалбаки қилинган.
Тадбир давомида қалбаки дорилар савдоси билан шуғулланган шахсга тегишли дорихона ҳам текширилди. У ердан 15 номдаги 1 067 қуты қалбаки дори ("Фаниган", "Азимак", "Ципролет" ва бошқалар), шунингдек 14 номдаги 274 қуты муддати ўтган дори воситалари аниқланди.
Яширин ишлаб чиқариш ташкил этган уч нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 186-3-моддаси 2-қисми "б" банди асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ