Ўзбекистонда жиноятчилик ҳолати мураккаб бўлган маҳаллаларда жиноятларни олдини олиш бўйича аниқ чоралар Концепцияси тасдиқланди. Бу ҳақда Президент қарорида қайд этилган.
Концепциянинг асосий мақсади — жиноятчилик вазиятини барқарорлаштириш ва хавфсиз муҳит яратишдир. Бу эса ташкилий-профилактика тадбирлари ва манзилли чораларни илмий-амалий ёндашув асосида уйғунлаштириш орқали амалга оширилади.
Жумладан, жорий йил охирига қадар туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ҳамда прокурорнинг ишхонаси тўғридан-тўғри маҳаллада ташкил этилади. Уларнинг иш куни ҳам маҳаллада бошланиб, маҳаллада якунланади.
Бундан ташқари, уч кунда камида бир марта ижтимоий-профилактик объектлар ҳақида, айниқса, оилавий-маиший соҳада ҳуқуқбузарликка йўл қўяётган шахслар тўғрисида маълумот олиш амалиёти йўлга қўйилади.
Шунингдек, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида “маҳалла ҳафталиги” доирасида фуқаролар билан тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб борувчи “маҳалла агитаторлари” жамоат гуруҳлари тузилади.
Маҳалладаги жамоат жойлари, кўп қаватли тураржой ва уйлар олдида “ташвиш” тугмалари ўрнатилади.
Криминоген вазият мураккаб бўлган маҳаллаларда манзилли иш услублари жорий этилади. Бундай маҳаллаларда замонавий видеокузатув камералари ўрнатилади ва улар сунъий интеллект асосидаги махсус дастурий таъминотга уланади.
Жорий йил охирига қадар жисмоний шахслар мулкини техник муҳофаза билан таъминлаш даражасини 30 фоизга, юридик шахслар мулкини эса 60 фоизга етказиш режалаштирилган.
Изоҳ